http://prod1.cnmi_ca.iostructure.com/uz-Cyrl/articles/cnmi_ca/features/2019/10/07/feature-03
| Иқтисодиёт

Евроосиё божхона иттифоқининг янги қоидалари туфайли Россия Қозоғистон сут маҳсулотлари бозорини эгаллаши мумкин

Ксения Бондал

Олмата супермаркетларининг бирида кундалик сут маҳсулотларини олаётган харидор, 7 сентябрь. (Ксения Бондал)

ОЛМАОТА – Россия бошчилигидаги Евросиё Божхона Иттифоқи (ЕОБИ) томонидан қабул қилинган ва 2020 йилда кучга кирадиган қоидалар ички бозорларда сут сотаётган маҳаллий қозоқ фермерларини сиқиб чиқариб, Россия корхоналаригагина фойда келтиради, дейди кузатувчилар.

ЕОБИ мамлакатлари – Қозоғистон, Россия, Белорусия, Қирғизистон ва Арманистон 2013 йил октябрь ойида сут ва сут маҳсулотларининг хавфсизлиги бўйича техник регламентни қабул қилган. Ҳужжат 2014 йил 1 январдан кучга кирган бўлиб, мазкур беш мамлакатда сутни қайта ишлаш корхоналарига қабул қилинадиган сут сифати учун янги талабларни белгилайди.

Бироқ, Қозоғистон сут саноати уюшмасига кўра, асосан, оилавий фермер хўжаликлари томонидан йилига 5 миллион тонна сут ишлаб чиқариладиган Қозоғистонда бу қоидаларнинг кучга кириши 2020 йил январига қадар кечиктирилган.

Сигир соғаётган фермер, Олмаота вилояти, 8 сентябрь. (Ксения Бондал)

Сут саноати уюшмаси маълумотларига кўра, ишлаб чиқариладиган сутнинг ярми микробиологик ва соматик параметрлар бўйича ЕОБИнинг техник регламенти талабларига жавоб бермайди.

«Сигирлар яхши сут беради, аммо сутни соғиш, сақлаш ва етказиб бериш жараёнида йўл қўйилган хатолар унинг сифатини тушириб юборади», дейди уюшма раҳбари Владимир Кожевников. «Қайта ишлаш корхоналарида эса сутни талаб даражасига келтирадиган технологиялар бор.»

Сут саноати уюшмаси қайта ишловчи корхоналар сут сифатини ошира олса ҳам, келаси йилдан бошлаб белгиланган талабларга жавоб бермайдиган сутни қабул қила олмаслигидан хавотирда.

Улар бундай сутни қабул қилсалар, «назорат органлари тарафидан муаммога дуч келадилар», деди Кожевников.

«Эндиликда қозоғистонлик сут ишлаб чиқарувчилар маҳаллий бозордаги ўринларини йўқотиш хавфи остида қолмоқдалар», дейди Олмаотадаги сут маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган «Danone Berkut» компанияси вакили Динмухамед Айсаутов.

«Сут ҳеч қаерга кетмайди, лекин биз уни қайта ишлашга қабул қилолмаймиз», деди у.

Айсаутовнинг сўзларига кўра, янги қоидалар Қозоғистонда сут ишлаб чиқариш ҳажмининг камайишига олиб келади, Россия ва Белоруссия компаниялари эса бажонидил бозорни тўлдирадилар.

«Бундай рақобатга Қозоғистондаги ҳамма сут ишлаб чиқарувчи корхоналар ҳам бардош беролмайди; уларнинг баъзилари ёпилиши мумкин. Натижада солиқ тушуми камаяди, бундан Қозоғистон бюджети зиён кўради», деди у.

«Олмаота вилоятида ўз корхонасига эга «Danone», маҳаллий ишлаб чиқарувчи ўлароқ, сут маҳсулотлари импортининг ошаётганидан хавотирда», деб қўшимча қилди Айсаутов.

Афтидан, сутга нисбатан янги талаблар сут маҳсулотлари хавфсизлигини таъминлашга қаратилмаган, дейди Қарағанда вилоятидаги «Садовая-К» сут корхонаси раҳбари Константин Эммерих.

Сутни кичик фермалардан сотиб оладиган корхоналар ўз лаборатория синовларини ўтказадилар, улар сутнинг сифати, кислоталилик даражаси, бактериал уруғланиш ва бошқа кўрсаткичларни аниқлайдилар, деди Эммерих.

«Агар сут истеъмол учун хавфли бўлса, нафақат ўша етказиб берувчидан, балки у келтирилган тумандан сут олиш тўхтатилади. Ҳаммаси тартибда солинганидан кейингина, корхоналар яна сут харид қила бошлаши мумкин», деди у.

Техник регламент талаблари сабабли кўплаб қозоғистонликлар зиён кўрадилар, деди Эммерих.

«Қозоғистонда мамлакат аҳолисининг 40 фоизи қишлоқ жойларда истиқомат қилади, уларнинг аксарияти сигир боқиш ва улардан олинган сутни сотишдан кун кўради», деди у.

Россия вазиятдан фойдаланиб қолмоқчи

ЕОБИ қоидалари Марказий Осиёдаги маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга муаммо туғдириб, Россия компаниялари учун манфаатли бўлмоқда.

ЕОБИ аъзоси бўлмаган давлатлардан шакар импортига божларни ошириш ҳақидаги Қозоғистоннинг Россия билан 2018 йилги шартномаси Қозоғистонда шакар танқислигини келтириб чиқариб, маҳаллий корхоналар ва фуқароларга зарар етказган эди.

Ишлаб чиқариш ва импорт ҳажмининг камлиги сабаб, Қозоғистон шакарни Россиядан сотиб олишга мажбур бўлган.

Евросиё иқтисодий иттифоқи (ЕИИ) аъзо давлатларга тўсиқларсиз маҳсулот олиб кириш ва экспорт қилишга кўмаклашиш учун мўлжалланган бўлса-да, амалда ЕИИга қўшилиш Марказий Осиё мамлакатлари учун қатор иқтисодий, геосиёсий ва ҳатто ижтимоий муаммоларни келтириб чиқарди, дейди маҳаллий иқтисодчилар.

«ЕИИ фақат Россияга манфаат келтиради», дейди қирғизистонлик иқтисодчи, GTS консалтинг компаниясини бошқарувчи Искендер Шаршеев 2018 йил май ойида.

Қолган муддат ичида вазиятни қандай ўнглашни ҳал қилиш керак, деб таъкидлади «Danone Berkut» вакили Айсаутов.

Биринчидан, бу мамлакатнинг озиқ-овқат хавфсизлиги билан бевосита боғлиқ масала. Иккинчидан, бутун бошли саноатнинг тақдири қил учида турибди, деди у.

«Ушбу муаммо билан ҳам давлат – Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, ҳам маҳаллий ва глобал нодавлат ташкилотлар, хусусан, Қозоғистоннинг сут саноати уюшмаси ва БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (FAO) шуғулланмоқда», деди Айсаутов.

Масалан, «FAO оилавий фермер хўжаликларига нафақат хавфсиз сут ишлаб чиқаришни ўргатувчи, балки фермерларга мижозлар топишга ёрдам берувчи Smart Sut иловасини ишлаб чиққан», деди у.

Сизга мақола ёқдими?
3
Йўқ
Фикрлар 2
Сиёсат
Captcha
| 2019-10-08

Россия иштирокидаги барча иттифоқчалардан чиқиш учун референдум ўтказилишини талаб қиламан

Жавоб бериш
| 2019-10-07

Россия хорижий бозорларни ўзининг сифатсиз маҳсулотлари билан тўлдириб ташламоқчи

Жавоб бериш